Президент жамиятда ўқитувчи касби энг нуфузли ва обрўли бўлиши кераклигини таъкидлади

Шавкат Мирзиёев 11 декабрь куни Олий Мажлисга мурожаатномаси давомида 2021 йил номида белгиланган соҳаларни тубдан ислоҳ қилиш ва янада ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишларни амалга ошириш лозимлигини таъкидлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, биринчидан, бола дунёга келганидан бошлаб, унда айнан мактабгача бўлган ёшда ақлий фаоллик ошади, ахлоқий-эстетик ва жисмоний хислатлар шаклланади. Шу боис ҳам, келгуси йилларда мактабгача таълим соҳасини ривожлантириш борасидаги стратегик мақсад — ижтимоий аҳволидан қатъи назар, боғча ёшидаги ҳар бир болани ушбу таълим йўналиши билан тўлиқ қамраб олиш учун зарур шароитларни яратишдан иборат.

Келгуси йил якуни билан мактабгача таълим қамровини 65 фоизга, 2023 йил охирида эса 75 фоизга етказилади. Бу ишларга буджетдан 600 миллиард сўм субсидия бериш ҳисобидан қўшимча 2 мингта нодавлат боғча ташкил этилиб, хусусий сектор улуши 25 фоизга етказилади.

Шунингдек, 2021 йилда мактабга тайёрлашнинг бепул тизими билан 560 минг нафар 6 ёшли болалар ёки уларнинг 82 фоизи қамраб олинади. Узоқ қишлоқларда мактабгача таълимнинг муқобил шакллари янада кенгайтирилади. Бунда UNICEF ҳамда Жаҳон банки билан ҳамкорликда имконияти чекланган болалар учун мактабгача таълимни уйда бериш модели ҳам йўлга қўйилади.

Иккинчидан, мактаб таълимини тубдан яхшилаш ва унинг сифатини ошириш, муаллимларга муносиб шароит яратиш борасидаги ислоҳотлар жадал давом эттирилади. Келгуси йили 30 та янги мактаб қуриш, 320 та мактабни таъмирлаш ва моддий-техник базасини яхшилаш мақсадида буджетдан 2 триллион сўм ажратилади.

Соҳада ягона «электрон таълим» тизимини жорий этишга келгуси 2 йилда 250 миллиард сўм йўналтирилади. Таълим сифатини тубдан яхшилаш мақсадида, аввало, ўқув дастурлари, ўқитувчи ва домлалар учун методик қўлланмаларни илғор халқаро дастурларга мослаштириш лозим.

Болаларнинг таҳлилий ва креатив фикрлаш қобилиятини ривожлантириш учун уларга сермазмун ва тушунарли дарсликлар яратиш зарур. Бу борада келгуси ўқув йилида бошланғич синфларда давлат таълим стандарти ўрнига, илғор хорижий тажриба асосида, болага ортиқча юклама бермайдиган «Миллий ўқув дастури» жорий этилади.

Умумтаълим мактабларидаги таълим сифати пойтахтда ҳам, олис қишлоқларда ҳам юқори бўлиши шарт. Бунинг учун чекка ҳудудларда мактабларни малакали кадрлар билан таъминлаш, таълим сифатини яхшилаш бўйича алоҳида дастур амалга оширилади.

Жумладан, бошқа тумандаги олис мактабга бориб, дарс берадиган ўқитувчилар ойлигига 50 фоиз, бошқа вилоятга бориб ишласа — 100 фоиз устама ҳақ тўланади. Шунингдек, ҳудудларда хусусий мактаблар фаолиятини рағбатлантириш учун буджетдан субсидиялар ажратилади.

«Ёшларнинг иқтидори ва салоҳиятини тўғри йўналтиришга қаратилган узлуксиз тизим яратилади. Келгуси йилда юртимизда 10 та Президент мактаби, кимё-биология, математика, ахборот технологияларига ихтисослашган 197 та мактаб ўз фаолиятини бошлайди.

Иқтидорли ўғил-қизларимизнинг юқори технологиялар ва замонавий билимларни чуқур ўзлаштиришига кенг шароит яратиш ҳамда рақобатбардош миллий кадрларнинг янги авлодини тайёрлаш мақсадида Тошкент шаҳрида алоҳида университет ташкил этамиз. Ушбу олийгоҳда чет элдаги етакчи олимлар ва профессор-ўқитувчилар жалб қилиниб, ёшларга энг замонавий дастурлар асосида таълим-тарбия берилади.

Болаларимизнинг меҳнат кўникмаларини мактаб давридан бошлаб шакллантириб бориш мақсадида «касбга ўргатиш тизими» жорий этилади. Яна бир масала – педагоглар малакасини ошириш, уларнинг машаққатли меҳнатини рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Маълумки, муаллимлар ҳозирги вақтда эскича усулда ҳар 5 йилда малака оширади. Бундан буён уларнинг, ‘ҳаёт давомида ўқиш’ тамойили асосида, ўз малакасини узлуксиз ошириб бориши йўлга қўйилади. Шунингдек, ўқитувчиларнинг ўз фанини билиши, педагогик маҳорати ва психологик тайёргарлигидан келиб чиқиб, тоифа бериш мезонлари ҳам қайта кўриб чиқилади.

Шу мақсадда, келгуси йилда таълимнинг барча бўғинларида ушбу фанларни ўқитиш сифатини тубдан ошириш, ихтисослашган мактаблар очиш, малакали педагогларни жалб этиш каби тизимли ишлар амалга оширилади», — дейди Шавкат Мирзиёев.