Жиззахда 6 қаватли уйнинг қулашини ўрганиш Очилбой Раматовга топширилди

Жиззахда янги қурилган кўп қаватли уй қулаб тушганлиги ҳақида хабар берилган эди. Мазкур иш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойиши билан бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов раҳбарлигида Ҳукумат комиссияси тузилди.

Фото: «Xabar.uz»

Хабарга кўра, Жиззах шаҳрида «Чорвадор–Қоракўл–Барака» МЧЖ томонидан қурилаётган 6 қаватли уйнинг қулаб тушиши сабабларини ўрганиш бўйича Ҳукумат комиссияси тузилган. Комиссия таркибига Прокуратура, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ва бошқа вазирликлар, идоралар, экспертлар ҳамда лойиҳа ташкилотлари киритилган.

Маълум қилинишича, ушбу Ҳукумат комиссияси зиммасига 6 қаватли уйнинг қулаб тушиш сабаблари, бунга омил бўлган ҳолатлар, лойиҳа ҳамда пудратчи ташкилот томонидан уйнинг барпо этилиши даврида шаҳарсозлик норма ва қоидаларига риоя этилганлиги, шунингдек, бундай ҳолатларнинг олдини олиш бўйича амалдаги норматив-меъёрий ҳуқуқий ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, таклиф киритиш вазифаси юклатилган. Шунингдек, Ҳукумат комиссияси 11 январдан ўз ишини бошлаган.

Эслатиб ўтамиз, 10 январь куни Бош прокуратура Жиззахда кўпқаватли уй қулаб тушиши оқибатида жабрланганлар ва вафот этганлар ҳақида маълумот берган эди.

Янгиликлар