Самарқанд шаҳри ҳудуди кенгайтирилиши натижасида миллион аҳолига эга шаҳарга айланиши мумкин

Вазирлар Маҳкамасининг 11 июлдаги фармойишига асосан Самарқанд шаҳрининг ҳудудини кенгайтириш масаласини қайта кўриб чиқилаётгани ҳақда хабар берилди.

Маълум қилинишича, шаҳар ҳудудини кенгайтириш ҳисобидан Самарқанд шаҳрини миллион аҳолига эга шаҳарга айлантириш мақсадида дастлабки ҳисоб-китоблар амалга оширилган.

Шаҳарда бугунги кунда 209 маҳаллада 548,3 минг киши истиқомат қилиши ва майдони 12,4 минг гектарни ташкил этиши қайд этилган. Уни миллион аҳолига эга шаҳарга айлантириш учун Самарқанд туманидан 15,1 минг гектар ер майдони ва 68 та маҳаллада яшовчи 232,3 минг нафар аҳоли қўшилиши режалаштирилган.

Шунингдек, қуйидаги туманлар майдони ва аҳолисини Самарқанд шаҳрига қўшиш таклифи берилган:

  • Пастдарғом туманидан 19,4 минг нафар аҳоли яшайдиган 8 та маҳалланинг 2137 гектар ер майдони;
  • Оқдарё туманидан 9,2 минг нафар аҳоли яшайдиган 2 та маҳалланининг 1448 гектар ер майдони;
  • Тойлоқ туманидан 11,2 минг аҳоли яшайдиган 7 та маҳалланинг 1305 гектар ер майдони.

Aгар ушбу таклифлар амалга ошса, Самарқанд шаҳрининг аҳолиси 820,4 минг нафар ва майдони 32,4 минг гектарга етиши кўзда тутилган. Шунингдек, шаҳардаги талабалар, ишлаш учун келганлар ва туманлардан келиб доимий рўйхатга қўйилмаган (пропискасиз) инобатга олинса, шаҳар аҳолиси 1 миллион кишидан ошиши қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марғилон шаҳри 730 гектардан ортиқ майдонга кенгайтирилиши ҳақида хабар берилган эди.

Янгиликлар