Косон тумани ҳокими ўз хизмат автомобили билан боғлиқ ЙТҲга изоҳ берди
Косон тумани ҳокими Асрол Бойқараев «Cаptiva» русумли хизмат автомобили билан боғлиқ ЙТҲ ҳақида гапириб, рулда ўзи ёки ўғли бўлган деган фаразларни рад этди. Бу ҳақда ҳоким иштирокидаги матбуот анжуманида маълум қилинди, дея хабар берди «Дарё».
Маълум бўлишича, 7 февраль куни Косон тумани ҳокимлиги пресс-тур ташкил қилиниб, туман ҳокими хизмат автомобили билан боғлиқ ЙТҲ ҳақидаги саволларга жавоб берган.
«Ўзи бир нафар ўғлим бор. Ҳали мактаб ёшида ва Тошкент шаҳридаги мактабда таҳсил олади. Қолган фарзандларим эса қиз болалар. Косондаги хизмат уйида оилам билан яшайман. Фарзандларим ўқишда бўлгани сабаб Тошкентдан Косонга келмаган ҳам. Яъни машинани ўғлим бошқаргани ҳақидаги гап нотўғри», — деган ҳоким Асрол Бойқараев.
Манбага кўра, туман ҳокими ЙТҲ содир бўлган кун ва вақтда — 2020 йил 12 декабрда туман прокурори, ИИБ бошлиғи ва солиқ раҳбари иштирокида 23 нафар ММТП раҳбарлари билан йиғилиш ўтказаётган бўлганини билдирган.
«Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни байрамидан бир кун олдин — 2020 йил 12 декабрь куни тўртта сектор раҳбарлари 23 та ММТП раислари билан йиғилиш ўтказаётгандик. Шу пайт ёрдамчим келиб, хизмат автомобилимда ЙТҲ содир бўлганини айтди. Нима бўлган экан деб сўраганимда, бир одамни сал туртиб юборибди деди. Шу пайт ИИБ бошлиғини воқеа жойига юбориб, нима бўлганини батафсил ўрганишини сўрадим. ИИБ воқеа жойига бориб, ЙТҲда 60 ёшли фуқаро вафот этганини, аммо ҳали шахсини аниқлаштирмаганини хабар берди. Тезда кимлигини билдик. Кейин билсак, фуқаро ЙТҲ оқибатида воқеа жойида вафот этган экан. Қишлоқ хўжалиги байрами ўтгач, марҳумнинг уйига таъзияга бордик. Уйдагиларига ҳамдардлик билдириб, ҳайдовчим айби билан содир бўлган ЙТҲ учун узр сўрадим. Тўғриси, барчамиз рулда юрамиз. Бундай фалокатлар содир бўлмайди деб олдиндан айтиш қийин. Шунингдек, ҳеч ким бундай воқеа бўлсин, демайди», — деган Асрол Бойқараев.