Ўзбекистон Марказий банки 2 та банк ва 2 та микромолия ташкилотини жаримага тортди

Қонунчилик талабларига мувофиқ фаолият ташкил этилмаганлиги натижасида.

Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси томонидан 2 та банк ва 2 та микромолия ташкилотига нисбатан жарима белгиланди.

Қайд этилишича, қўмита томонидан 2026-йилнинг апрель ойидаги йиғилишлар (жами 6 маротаба) давомида 30 та масала кўриб чиқилган ва улар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинган.

Рўйхатга олиш ва рухсат бериш йўналишида жами 21 та масала, жумладан:

• кредит ташкилотлари уставига киритилган ўзгартиришларни рўйхатдан ўтказиш (4 та);

• кредит ташкилотларининг устав фондидаги улушига эгалик қилиш учун рухсат бериш (1 та);

• банкларда аудит ўтказиш ҳуқуқини бериш учун аудиторлик малака сертификатини тақдим этиш (1 та);

• тижорат банклари кузатув кенгаши ва бошқаруви аъзолари ҳамда муҳим аҳамиятга эга ходимларининг номзодларини кўриб чиқиш (15 та) билан боғлиқ масалалар кўрилган.

Шу билан бирга, кредит ташкилотларининг молиявий ҳолатига оид 9 та масала кўриб чиқилган.

Қонунчилик талабларига мувофиқ фаолият ташкил этилмаганлиги ҳамда инспекция ва ўрганишлар давомида аниқланган камчиликлар учун 2 та банк ва 2 та микромолия ташкилотига нисбатан жарима санкциялари қўлланилган, — дейилади хабарда.

Ўзбекистон