Тошкентда автобус ва Cоbalt тўқнашиб, ёниб кетди
Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида Isuzu автобуси ва Cоbalt тўқнашиб, ёниб кетди. Бу ҳақида ЙҲХБ матбуот хизмати хабар қилди.
Mаълум қилишича, воқеа 4 ноябрь куни соат тахминан 07:00 ларда Оҳангарон тумани ҳудудидан ўтган D 017 Олмалиқ—Тошкент автомобиль йўлининг 27-километрида содир бўлган.
Ҳайдовчи Д.Б. Cobalt автомобилини Олмалиқ—Тошкент йўналишида бошқариб кетаётганида ушбу жойда қайрилиб олиш мумкин бўлган жойдан қайрилиб олаётган ҳайдовчи О.Д. бошқарувидаги Isuzu автобуси билан тўқнашган. Тўқнашувдан сўнг транспорт воситаларида қисқа туташув содир бўлгани сабабли ёнғин келиб чиққан.
ЙТҲ натижасида Cобалт ҳайдовчиси тан жроҳати олиб, туман марказий шифохонасига мурожаат қилган. Ҳозирда ҳолат юзасидан Оҳангарон тумани ИИБ ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Тошкент вилояти ФВБ матбуот хизматининг билдиришича, ҳодиса оқибатида вафот этганлар йўқ. Ёнғин ҳақида соат 07:14 да хабр келиб тушган. Воқеа жойига иккита ёнғин ўчириш экипажи соат 07:30 этиб бориб, ёнғин соат 07:37 да тўлиқ ўчирилган.