Самарқандда йигит банкда ўғрилик содир этишга уринди
Гумонланувчи ўзида портловчи қурилма борлигини айтиб, пулларни топширишни талаб қилган

Самарқандда бир йигит банкни тунашга уринди, деб ИИВ ҳузуридаги Қўриқлаш департаменти матбуот хизмати хабар беради.
Ҳодиса 13 июль куни тахминан соат 17:00 ларда содир бўлган. Мирзо Улуғбек кўчасида жойлашган банклардан биридан қўриқлаш хизмати бошқармасига ҳодиса ҳақида тегишли сигнал келиб тушган.
Натижада, тезкор ҳаракат қилиш гуруҳи ходимлари ҳодиса жойига уч дақиқа ичида етиб келишган. Банкда юзини ниқоб билан тўсган ва қўлида сумка ушлаб турган йигит бўлган. У ўзида портловчи қурилма борлигини айтиб, ойналарни синдирган ва пулларни топширишни талаб қилган.
Шундан сўнг банкка қўшимча тезкор ҳаракат қилиш гуруҳлари, ИИБ соҳавий хизматлари ходимлари ва тез ёрдам бригадаси етиб келган.
Ходимлар йигит билан музокара олиб боришган ва бунинг натижасида у ўз хоҳиши билан таслим бўлган.
Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 164-моддаси 4-қисми (босқинчилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.





