Барселона аэропортида терминал ва йўлаклар сув остида қолди
Испанияда кучли ёмғирлар давом этмоқда, жала ёмғирлари Валенциядан мамлакатнинг шимоли-шарқига, Барселонага кўчди. Ижтимоий тармоқларда Барселонанинг Эл-Прат аэропорти терминалини сув босаётгани акс этган видеороликлар пайдо бўлди. Бу ҳақида EuroNews хабар берди.
Кучли ёмғир аэропортда душанба куни эрталаб бошланган, кун ярмига келиб 70 та рейс бекор қилинган, 17 таси эса бошқа аэропортларга йўналтирилган.
Барселона қизил огоҳлантириш белгиси остида
Испаниянинг АEMET милли мтеорология агентлиги Барселона учун «кучли ёмғир туфайли ҳаддан ташқари хавф» борлигини айтиб, қизил огоҳлантириш эълон қилди. Расмийлар «агар зарурат бўлмаса, саёҳат қилишдан воз кечишни» тавсия қилмоқда.
Барселона Испаниянинг экстремал об-ҳаво шароитидан зарар кўрган яна бир ҳудудига айланди. Қурбонлар сони 200 дан ошган Валенцияда тиклаш ва тозалаш ишлари давом этмоқда.
Аэропортни сув босганидан кейин Барселонада рейслар бекор қилинди ёки кечиктирилди
Барселона аэропортининг Аena оператори аэропортда кучли ёмғир оқибатларини бартараф этиш учун «инқироз қўмитаси» ташкил этилганини айтди.
Чоп этилган видеоларда сув шифт орқали аэропорт терминалига кириб, учиш-қўниш йўлакларидан бирини сув босганини кўриш мумкин.
Аэропорт веб-сайтида бўлажак рейсларнинг кўпчилиги бекор қилинган ёки камида бир соатга кечиктирилган. Аэропорт маълумотларига кўра, ҳозирга қадар 70 та рейс бекор қилинган. Учиб келиш ҳам кечиктирилади ёки бекор қилинади, бу ҳолат кечгача давом этади.
Парвозингиз бекор қилинмаган бўлса ҳам, аэропортга боришда қийинчиликларга дуч келишингиз мумкин, аэропортга олиб борувчи йўллар сув остида қолгани ва жамоат транспорти тўхтаб қолгани хабар қилинган. Барча йўловчиларга парвоз ҳолати тўғрисида ўз авиакомпанияларига мурожаат қилиш тавсия этилади.
El-Prat’га энг кўп рейсларни амалга оширувчи Вуэлинг авиакомпанияси зарар кўрган йўловчилар учун қўшимча рўйхатдан ўтиш пунктларини очганини билдирган.