Март ойида Ўзбекистон аҳолиси қўшимча 50 куб метр газ учун арзонлаштирилган нархда тўлаши мумкин

Аҳоли истеъмолчилари 16–31-март кунлари яна қўшимча 50 куб метр табиий газ учун базавий тариф бўйича тўлашлари мумкин бўлади, деб хабар қилди Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Таъкидланишича, аввалроқ республика ҳудудларида март ойи бошида ҳаво ҳароратининг кескин совиганлигини инобатга олиб, табиий газ учун иситиш мавсумида белгиланган ойлик базавий меъёр 15-мартга қадар узайтирилган эди.

Шундан сўнг, «Ўзгидромет» жорий йилнинг 16-20-март кунлари республикамиз ҳудудларида ҳаво ҳарорати кундузи +22°С гача, кечаси +10°С бўлиши эълон қилинди.

Шу муносабат билан, 16-мартдан бошлаб 1-ноябрга қадар ҳар ой учун 100 куб метргача (Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида 1-октябргача) «базавий меъёр» амал қилиши билдирилди. Март ойи учун эса бир ойлик 500 куб метр базавий меъёр ойнинг биринчи ярми учун (1-15-март кунлари) тенг улушларда (пропорционал) тақсимланганда 250 куб метрни ташкил этади.

Натижада, бир ойлик 100 куб метр базавий меъёр ойнинг иккинчи ярми учун (16-31 март кунлари) тенг улушларда (пропорционал) тақсимланганда 50 куб метрни ташкил этади ва мана шу 50 куб метр газ учун ҳам аҳоли истеъмолчилари базавий меъёр доирасида, яъни 1800 сўмдан эмас, 1000 сўмдан тўлов амалга ошириши таъкидланди.

 

Ўзбекистон