Жиззахда ҳожатхонага тушиб кетган бола ФВВ томонидан қутқарилди
Жиззахда эҳтиётсизлик сабаб ҳожатхона чуқурига тушиб кетган фуқаронинг ҳаёти сақлаб қолинди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.
Ҳодиса 4 сентябрь куни соат 16:07 атрофларида Бахмал тумани, «Қутлуғобод» МФЙ, Йўлдошбой қишлоғидаги аҳоли яшаш хонадонларидан бирида содир бўлган.
Хусусан, фуқаро эҳтиётсизлик оқибатида ҳожатхона чуқурига тушиб кетган. Ўша вақтда боланинг ёнида ҳеч ким бўлмаган. У қўлидаги мобил телефони орқали «112» қисқа рақамига қўнғироқ қилган.
Хабарга кўра, зудлик билан воқеа жойига етган Бахмал тумани ФВБ қутқарувчилари тезкорлик билан болани ҳожатхона чуқуридан хавфсиз ҳолда чиқаришган, — дейилади хабарда.
Ҳозирда боланинг аҳволи яхши эканлиги таъкидланди.