Фуқарони шахсини аниқлаш учун ИИБга олиб бориш амалиётидан воз кечилади
2023 йилдан бошлаб босқичма-босқич фуқароларни шахсини аниқлаш учун ИИБга олиб бориш амалиётидан воз кечилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг кеча, 22 июлдаги қабул қилинган Ички ишлар органлари патруль-пост хизмати саф бўлинмалари ходимлари томонидан жамоат жойларида фуқароларни электрон идентификация қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақидаги қарорида белгиланди.
Қарорга мувофиқ, 2023 йил 1 январдан «Е-патруль» тизими босқичма-босқич жорий этилади ва фуқарони шахсини аниқлаш учун ички ишлар бўлимига олиб бориш амалиётидан воз кечилади.
Барча маълумотлар электрон текширилади ва патруль-пост ходими фаолияти «бодикамера»га тасвирга олинади.
Низомга кўра, ходимлар қуйидаги ҳолларда фуқарони тўхтатиши ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар ёки «Е-патруль» тизими орқали уларнинг шахсини аниқлаши мумкин:
- шахс жиноят ёки ҳуқуқбузарлик содир этган ёхуд қидирувда деб гумон қилишга асос бўлса;
- шахсни содир этилган жиноят ёки ҳуқуқбузарлик ҳақида маълумотга эга деб ҳисоблаш мумкин бўлса;
- шахсни ушлаб туришга бошқа қонуний асослар бўлса.
Ходим шахсни тўхтатганда уни тўхтатганлик сабаблари ва асосларини тушунтириши шарт.
Ёнида шахсини тасдиқловчи ҳужжати бўлмаган фуқаро қуйидаги ҳолларда ички ишлар органига олиб борилади:
- унинг шахсини планшет орқали аниқлаш имкони бўлмаганда;
- қидирувда бўлган ёки бедарак йўқолган шахслар аниқланганда;
- шахсига аниқлик киритиш жараёнида қаршилик кўрсатганда;
- жамоат жойида ҳуқуқбузарлик содир этиш вақтида ушланганда.