Фарғонадаги чойхонада эркак ўткир тиғли жисм билан ИИБ ходимини жароҳатлади
Фарғона вилояти Фарғона шаҳрилаги чойхонада 11 июнь куни эркак ўткир тиғли жисм билан ИИБ ходимини жароҳатлади.
Маълум қилинишича, ижтимоий тармоқларда «Фарғонада ИИВ ходими ва фуқарони пичоқлаган шахс очиқда қолмоқда» сарлавҳали видеохабар тарқалган. Фарғона вилояти ИИБ ушбу хабарни ўрганиб чиққан.
Аниқланишича, шу куни фуқаро А.Х Фарғона шаҳа А.Қодирий кўчасидаги чойхонада унинг эгаси фуқаро И.К билан ўзаро жанжаллашиб кетган. Шу ҳудудга хизмат кўрсатувчи профилактика катта инспектори Ғ.М уларни ажратмоқчи бўлган пайт А.Х қўлидаги ўткир тиғли жисм билан ўнг қўл билак соҳасига уриб, тан жароҳати етказган.
Мазкур ҳолат юзасидан 18 июнь куни Фарғона шаҳар прокуратураси томонидан А.Х га нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) 3-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилган ва гумон қилинувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниб, процессуал тартибда ушланган.
«Тергов якунига кўра, қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади», дейилади хабарда.