ДХХ Суриядаги жангарилар сафига қўшилмоқчи бўлган қашқадарёлик эркакни ушлади

Давлат хавфсизлик хизмати Суриядаги жангарилар сафига қўшилишни режалаштирган қашқадарёлик эркакни қўлга олди.

Маълум бўлишича, хавфсизлик хизматининг вилоят бўйича бошқармаси ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида тезкор-қидирув тадбири ўтказилган. Тадбир давомида Китоб туманида яшовчи фуқаронинг Сурияга кетишининг олди олинган.

Хусусан, 1998 йилда туғилган Қ.Т. 2020–2021 йиллар давомида Россияда ишлаш даврида ижтимоий тармоқлар орқали «Жиҳодчилар» диний экстремистик оқими аъзолари таъсирига тушиб қолиб, уларни қўллаб-қувватлаган. У Tik-Tok, Likee, Instagram ижтимоий тармоқларида шахсий профиллар очиб, унга халқаро террористик ташкилотлар ва диний экстремистик оқимларнинг ғоявий раҳнамолари бўлган Абу-Салоҳ, Абдуллоҳ Зуфар, Абдуллоҳ Бухорий, Содиқ Самарқандий ва бошқаларнинг жиҳод, ҳижрат ҳамда шаҳидликка чорловчи маърузаларини трғиб қилган.

Шунингдек, 2021 йилнинг декабрь ойида доимий яшаш манзилига қайтиб келганидан сўнг, ҳамқишлоқлари орасида ҳам оқим ғояларини фаол тарғиб қилган. Бундан ташқари, Қ.Т. Суриядаги жангарилар билан алоқа ўрнатиб, уларнинг кўрсатмалари асосида Россия ва Туркия орқали Сурияга боришни режалаштирган.

Экспертиза хулосасига кўра, фуқаро томонидан тарқатиб келинган диний мазмундаги материаллар ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган бўлиб, уларни Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, тарқатиш ва сақлаш тақиқланади. Ҳозирда Қ.Т.га нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан қўзғатилган жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Янгиликлар