Самарқандда 5 млрд сўм кредит қарздорлиги бўлган «Aгрокимёҳимоя»нинг маъмурий биноси хатланди
Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳрида банкдан 5 миллиард сўм кредит қарздорлиги бўлган «Aгрокимёҳимоя» AЖнинг маъмурий биноси хатланди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси ахборот хизмати «Tez News»га хабар қилди.
Хабарга кўра, Мажбурий ижро бюроси Самарқанд бўлими иш юритувида Самарқанд шаҳар иқтисодий судининг 20 апрелдаги ижро ҳужжатига асосан қарздор «Aгрокимёҳимоя» ационерлик жамиятидан банк фойдасига жами 5 миллиард сўм кредит қарздорлгини ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати келиб тушган.
Таъкидланишича, мазкур ижро ишини юритиш бўйича қарздор бир неча бор огоҳлантирилган бўлса-да, ижро ҳужжатидаги талабларни ихтиёрий бажармаган. Олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида, ижро ҳужжати билан ундирувга қаратилган ва гаров мулки бўлган Самарқанд шаҳар, Спитаменшоҳ кўчаси 153-уйда жойлашган маъмурий бино қарздорликни қоплаш мақсадида хатланган. Ҳозирда «Е-ИЖРО» онлайн савдо майдончасига сотувга чиқарилмоқда.
Аввалроқ Наманган шаҳрида 3 та МЧЖнинг қарздорлиги сабаб 300 миллион сўмдан ортиқ мол-мулки хатлангани, Риштон тумани ҳокимлигидан фуқарога 148 миллион сўм ундирилгани ҳақида хабар қилинганди.