Самарқандда $5 минг пора талаб қилган электр таъминоти корхонаси раҳбари ушланди

Коррупция ва фирибгарлик билан боғлиқ ҳолатлар аниқланди

Самарқанд вилояти туманларидан биридаги электр таъминоти корхонаси раҳбари коррупция ҳолати бўйича ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар беради.

Хусусан, ушбу шахс маҳаллий тадбиркорга тегишли умумий овқатланиш шохобчасида ўзбошимчалик билан электр тармоғига уланиш натижасида давлатга етказилган 393 млн сўмлик зарар ҳолати юзасидан жиноий жавобгарликка торттирмаслик, аксинча, зарар миқдорини камайтириб кўрсатган ҳолда маъмурий тартибда судга чиқариб бериш эвазига 5 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Жорий йилнинг июль ойи охирларида ушбу пул маблағи ҳисобидан 4 минг долларни олган мансабдор шахс тадбиркордан қолган 1 минг долларни ҳам тезроқ беришини сўраган.

Натижада, ўтказилган тезкор тадбирда 1 минг АҚШ долларини учинчи шахс орқали олган вақтида унинг ноқонуний ҳаракатига чек қўйилган.

Таъкидланишича, мазкур раҳбар муқаддам судланган бўлган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон