Самарқандда электромопеднинг каналга тушиб кетиши оқибатида 4 нафар бола ҳалок бўлди

Эркак болаларни айлантириш учун ўз бошқарувидаги электромопедга ўтказиб, эҳтиётсизлик оқибатида каналга тушиб кетган

фото: Kun.uz

Самарқанд вилояти Пахтачи туманида электромопеднинг каналга тушиб кетиши оқибатида тўрт нафар бола ҳалок бўлди, деб ФВБ матбуот хизмати хабар берди.

ФВБга 31 май куни соат 20:25 да юк ташиш учун мўлжалланган электромопед ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиши натижасида унда бўлган 8 нафар фуқаро билан «Нарпай» каналига тушиб кетгани ҳақида хабар келган.

Хабарга асосан, ФВВ қутқарувчилари воқеа жойига етиб борган вақтда каналга тушиб кетган 8 нафар фуқародан 4 нафари аҳоли томонидан қутқариб қолинганлиги маълум бўлган.

Шундан сўнг зудлик билан сувда кенг кўламли қидирув-қутқарув ишлари олиб борилган. Қутқарувчилар ва аҳоли ёрдамида олиб борилган сувда қидирув ишлари давомида қолган 4 нафар фуқаро ҳалок бўлганлиги аниқланиб, каналдан олиб чиқилган, — дейилади хабарда.

Олиб борилган суриштирув ишлари давомида аниқланишича, Пахтачи тумани «»Украч» МФЙда яшовчи, 1984-йилда туғилган фуқаро ўз бошқарувидаги электромопедга жами 8 нафар шахсни – турмуш ўртоғи ҳамда ўзи ва қўшни хонадондан 6 нафар вояга етмаган болаларни миндириб, сайр қилаётган бўлган.

Ҳозирда воқеа жойида ҳодисанинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон