Тошкентда нарколаборатория ташкил этганлар фош бўлди

Гумонланувчилар қўлга олиниб, уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Тошкент шаҳрида нарколаборатория ташкил этилгани аниқланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Хусусан, ўтказилган тезкор тадбирда 1996 й.т. шахс бошқарувидаги Spark автомашинаси Чилонзор туманида тўхтатилиб, текширилади.

Натижада унинг салонида 15 дона капсулада «Прегабалин» кучли таъсир қилувчи моддаси борлиги маълум бўлади. Сўнгра, тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу дориларни сотган 1991 й.т. фуқаро ҳам қўлга олинади.

Аниқланишича, мазкур фуқаро Чилонзор туманидаги хонадонда нарколаборатория ташкил қилган бўлиб, ушбу манзилдан 955 гр ва 538 дона «Прегабалин», 227 гр ва 28 дона «Тропикамид», 16 кг «Трилон-Б» ҳамда синтетик наркотиклар тайёрлашда фойдаланиладиган прекурсорлар, катта миқдордаги капсула ва флаконлар олинган.

Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон