Шавкат Мирзиёев бутун Ўзбекистон бўйлаб ҳаво ифлосланишига қарши чора-тадбирларни кучайтиришни топширди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳузурида йиғилиш бўлиб ўтиб, унда экологик барқарорлик ва мутасаддиларнинг қишга тайёрлик юзасидан ҳисоботлари тингланди.

Аввало, Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича махсус комиссиянинг ҳисоботи тингланди. Ҳаво ифлосланишига қарши кўрилаётган, ифлосланиш манбаларини аниқлаш ва уларни бартараф этиш йўналишида амалга оширилаётган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Хусусан, cўнгги кунларда ҳавони ифлослантираётган манбаларни аниқлаш ва уларнинг фаолиятига чек қўйиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ахборот берилди.
Иссиқхоналар, қурилиш майдонлари, автотранспорт воситалари ва ноқонуний фаолият юритувчи объектлар юзасидан ўтказилган текширувлар, шаҳар бўйлаб кўчаларни намлаш, ариқларни тозалаш, фаввораларни ишга тушириш каби барқарорлаштириш тадбирлари шулар жумласидан. Кучайтирилган тартибда рейдлар ва профилактика ишлари олиб борилаётгани билдирилди.
Президент мазкур чораларни нафақат пойтахтда, балки ҳудудларда ҳам тизимли давом эттириш, аниқланган қонунбузарликларни тезкор бартараф этиш, ҳавога таъсир кўрсатувчи барча омилларни қатъий назорат остига олишни топширди.
Шунингдек Маиший чиқиндилардан электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича вилоятларда бу борада жиддий ҳаракат кузатилмаётгани таъкидланди. Бошланган лойиҳаларда ҳам инвесторларни инфратузилма – йўл, электр, сув билан таъминлаш ишлари талаб даражасида эмаслиги қайд этилди.
Жумладан 2030 йилгача маиший чиқинди полигонларини 50 фоизга қисқартириш белгиланган.
Бу атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатяпти ва аҳоли эътирозларига сабаб бўляпти. Шу боис, маиший чиқинди полигонларини экологик хавфсиз ҳудудга айлантириш зарур. Биринчи навбатда, одамларнинг соҳадан розилигига эришишимиз керак. Бу масалага фақат чиқиндини бошқариш эмас, балки саноат, энергетика, экологик маданият билан узвий боғлиқ йўналиш сифатида ёндашиш лозим, – деди давлат раҳбари.
2026 йилдан бу ишларга республика бюджетидан ҳар йили камида 150 миллиард сўм ажратиб борилиши белгиланди.
Бундан ташқари, қиш мавсумида энергия ресурслари аҳолига узлуксиз етказиб берилиши шартлиги кўрсатиб ўтилди. Йиғилишда ёнғин хавфсизлиги масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Биноларнинг ташқи деворларида кучли ёнувчан материалларни қўллашни тақиқловчи қатъий талабларни қонун ҳужжатларига киритиш вақти келгани таъкидланди. Шу муносабат билан кўп қаватли уйларда қурилиш нормалари ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларини халқаро тажрибага мослаш ҳамда масъул раҳбарлар жавобгарлигини кучайтириш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилди.





