Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов ҳайкали пойига гулчамбар қўйди

Президент Шавкат Мирзиёев 30 январь куни Тошкент шаҳрида Ислом Каримов ҳайкали пойига гулчамбар қўйди, деб хабар берди давлат  раҳбари матбуот хизмати.

Тарихий хотира – миллат келажагининг мустаҳкам пойдевори. Ўзбекистоннинг мустақил давлат сифатида шаклланиши, давлатчилик асосларининг барпо этилишида Биринчи Президент Ислом Каримовнинг хизматлари беқиёс экани чуқур ҳурмат ва эътироф билан ёдга олинади, — дейилади хабарда.

Маълумки, Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан биринчи президентнинг хотираси абадийлаштирилиб, Самарқандда унинг мақбараси барпо этилган.

Хусусан, Ислом Каримов таваллуд топган 30 январь санасини нишонлаш эзгу анъанага айланган. Маросим давомида Қуръон тиловат қилиниб, дуо ўқилди. Биринчи Президентнинг Ватан манфаатлари йўлидаги фаолияти, инсоний фазилатлари ёдга олинди.

Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида бўлиб ўтган маросимда Олий Мажлис палаталари, Президент Администрацияси ва ҳукумат вакиллари, илм-фан ва маданият намояндалари, жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Шунингдек, биринчи президентнинг Самарқанд ва Қарши шаҳарларидаги ҳайкаллари пойига ҳам гуллар қўйилиб, хотирасига эҳтиром кўрсатилди.

Ўзбекистон