Самарқандда хориждан олиб келинган 38 кг наркотик моддалар аниқланди

Ўзбекистонга қўшни давлатдан контрабанда қилинган катта миқдордаги наркотик моддалар тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Хусусан, олдиндан кузатувга олинган Ургут туманида яшовчи, 1989 ва 1992 йилларда туғилган 3 нафар фуқаро айланма йўллар орқали Тожикистон Республикасининг Панжикент туманига бориб, наркосавдогарлардан соф оғирлиги 14 кг 766 гр «опий» ва 14 кг 958 гр «гашиш» моддаларини олиб, «ўзбек-тожик» давлат чегарасини бузган ҳолда, Ўзбекистон ҳудудига қайтиб ўтган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланади.

Ҳозирда қонунбузарларга нисбатан Жиноят Кодексининг 246-моддаси 2-қисми ва 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди.

Бошқа ҳолатда эса, Самарқанд шаҳар «Орзу» МФЙ ҳудудида жойлашган хусусий автомашина гаражи холислар иштирокида кўздан кечирилган.

Натижада, ундаги махсус тайёрланган хуфия жойда бўлган мармар тошлар орасига 9 кг 40 гр опий экстракцияси яширилганлиги аниқланган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят Кодексининг 246-моддаси 2-қисми ва 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, гараж эгасини қўлга олиш чоралари кўрилмоқда.

Ўзбекистон