Самарқандда милодий VIII асрга оид эҳтимолий ҳукмдорлар саройи аниқланди
Қазишма ишлари давомида саройнинг зал қисмидан VIII асрга оид ҳайкалтарошлик намуналари ҳам топилиб, улар юзасидан илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда

Самарқанд вилояти Жомбой туманида жойлашган Мингтепа археологик ёдгорлигида олиб борилаётган тадқиқотлари давомида милодий VIII асрга оид эҳтимолий ҳукмдорлар саройининг меъморий қолдиқлари аниқланди, деб хабар беради маданий мерос агентлиги.
Қайд этилишича, Археологик қазишма ишлари Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология институтининг илмий ходимлари Амриддин Бердимуров, Ҳусниддин Раҳмонов ва Нигора Маҳкамовалар томонидан амалга оширилмоқда.

Қазишмалар натижасида ёдгорликнинг Арк (қалъа) қисмида жойлашган, милодий ВИИИ асрнинг биринчи ярмига мансуб бўлган сарой мажмуасининг меъморий тузилиши очиб берилди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, иншоотнинг қурилиш услуби илк ўрта асрлар даври шаҳарсозлиги, меъморчилиги ҳамда давлат бошқарув тизимини ўрганишда муҳим илмий манба ҳисобланади.
Шунингдек, қазишма ишлари давомида саройнинг зал қисмидан VIII асрга оид ҳайкалтарошлик намуналари ҳам топилиб, улар юзасидан илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда.
Археологларнинг қайд этишича, мазкур топилмалар Мингтепа ёдгорлигининг сиёсий, маданий ҳаёти, илк ўрта асрлардаги ҳудуднинг тарихий тараққиёти ҳақида янги илмий хулосалар чиқаришга хизмат қилади.





