Исроилни тарк этмоқчи бўлган ўзбекистонликлар учун чиқиш йўналишлари эълон қилинди

Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси мазкур мамлакатни тарк этиш истагидаги фуқаролар қандай йўллар билан чиқиб кетиш мумкинлигини ҳақда маълумот берди.

Хусусан, элчихона берган маълумотга кўра, ҳозирги хавфсизлик ҳолати сабабли ўзбекистонликлар қуйидаги чегара ўтказиш пунктлари орқали Исроилдан чиқишлари мумкин:

• «Менахем Бегин» / «Таба» – Исроил ва Миср (Эйлат–Таба) ўртасида;

• «Шайх Ҳусайн» – Исроил ва Иордания (Байт Шеан–Ирбид) шимолий чегарасида;

• «Исхак Рабин» / «Вади Арава» – Исроил ва Иордания (Эйлат–Ақаба) жанубий чегарасида.

Ушбу пунктлар 24 соатлик иш тартибида фаолият юритмоқда.

Шунингдек, фуқаролар «Таба» пунктидан ўтиб, Мисрга визасиз («Синай кириш муҳри» билан) кира олади. Бу муҳр Синай ярим оролида 14 кунгача қолиш имконини беради (Қоҳира ва бошқа шаҳарларга сафар қилиш мумкин эмас). 21 ёшгача бўлган фуқаролар ота-она ҳамроҳлигида ўта олади.

Шарм аш-Шайхдан авиақатновлар:

• Uzbekistan Airways — ҳафтасига 3 марта (сешанба, чоршанба, шанба), Тошкентга;

• Turkish Airlines ва Pegasus Airlines — ҳар куни 1-2 маротаба Истанбулга (Тошкентга транзит орқали).

Иордания орқали чиқиш

• «Шайх Ҳусайн» ёки «Исхак Рабин» орқали Амман шаҳрига бориб, Амман — Истанбул — Тошкент, Амман — Дубай — Тошкент рейслардан фойдаланиш мумкин.

Элчихонанинг билдиришича, Иорданияга кириш учун мамлакат ИИВ сайти орқали виза олиш зарур:

https://www.moi.gov.jо

https://moi.gov.jо/EN/Pages/Visa_E_Applications

https://www.eservices.moi.gov.jo.

Зарурат бўлса мурожаат учун элчихона рақамлари:

• Мисрда: +202 333-617-23, +20 128 666-1441

• Иордания (Саудия орқали): +966 11 263-5223, +966 56 721-7731

• Исроилда: +972 3 672-2466, 672-2371, 054 485-1397

Элчихона фуқаролардан Исроил ҳудудини тарк этишда хавфсизлик қоидаларига қатъий амал қилишни сўради.

Жаҳон