Ўзбекистонда автомобилларни босиб ўтган масофасини яширганлик учун жарима белгиланиши мумкин

Ўзбекистонда автомобилни сотишдан аввал унинг босиб ўтган масофасини яширганлик учун маъмурий жавобгарлик жорий этилиши мумкин. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан жамоатчилик муҳокамасига таклиф қилинмоқда.

Қайд этилишича, ҳозирги кунда фойдаланилган транспорт воситаларини қиммат нархларда сотиш мақсадида одометр кўрсаткичини сохталаштириш ҳолатлари кузатилмоқда.

Шу боис, мазкур қонун билан одометр ускунаси кўрсаткичлари ўзгартирилганлиги ёки одометр ускунаси алмаштирилганлиги ҳақида автотранспорт воситасини реализация қилишдан олдин харидорни хабардор этмаслик учун маъмурий жавобгарлик чоралари белгиланмоқда, — дейилади хабарда.

Мазкур ҳужжатда, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига 121-1-модда (транспорт воситасининг одометр кўрсаткичларига ўзгартиришлар киритиш ёки одометрни алмаштириш тўғрисида хабардор қилмаслик) билан тўлдириш таклиф қилинган.

Жумладан, ҳаридорга одометр кўрсаткичи ўзгарганлиги ёки қурилма алмаштирилганлиги ҳақида хабар бермаганлик учун 4,1 миллион сўмдан 6,2 миллион сўмгача (10-15 БРВ) жарима белгиланиши мумкин.

 

AI News