Тошкентда 17 кг синтетик наркотиклар айланмасига чек қўйилди
Тошкент шаҳрида катта миқдордаги синтетик гиёҳванд моддаларни сотмоқчи бўлган уюшган жиноий гуруҳ фаолияти аниқланди, деб хабар қилди ИИВ матбуот хизмати.

Қайд этилишича, мутахассислар томонидан 32 ёшли фуқаро бошқарувида бўлган Cobalt автомобилини кўздан кечирилганда, транспорт воситасидан 83 грамм мефедрон топилган.
Шундан сўнг, тадбирлар Юнусобод туманида давом этиб, у ерда жиноий гуруҳнинг яна 18 ёшли уч нафар аъзоси қўлга олинади.
Натижада, уларнинг ёнида бўлган сумкадан 730 та қадоқланган мефедрон дозалари аниқланади. Ижарага олинган хонадондан эса 354 та альфа-ПВП ўрамлари ва 500 грамм мефедрон топилади.
Жиноий гуруҳ етакчиларини қўлга олишга қаратилган тезкор-қидирув тадбири давомида 41 ёшли асосий омбор мудири қўлга олинади.
Мазкур шахс ва унинг турмуш ўртоғи турар жойида тезкор суриштирув тадбирлари ўтказилди. Хонадондан 4 кг 200 грамм альфа-ПВП ва 9 кг мефедрон, шунингдек, гиёҳванд моддаларни қадоқлашда қўлланилган бошқа далилий ашёлар олиниб, ҳужжатлаштирилди, — дейилади хабарда.
Ҳабар қилинишича, мутахассислар 85 минг бир марталик дозага тенг бўлган 17 кг синтетик наркотик моддаларни тарқатишини тўхтатиб қолишган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадида қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, олиш, сақлаш) билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчилар қамоққа олинган.




