Қашқадарёда «Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш маркази» фойдаланишга топширилди

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги раҳбариятининг Қашқадарё вилоятига амалга оширилган хизмат сафари доирасида «Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш маркази»нинг янгидан барпо этилган 96 ўринли замонавий комплекс биноси фойдаланишга топширилди.

Ушбу марказ ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳаёт сифати ва ижтимоий фаоллигини оширишга қаратилган мамлакатимиздаги ижтимоий ҳимоя ва реабилитация соҳасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларнинг амалий натижасидир. Бассейнда гидротерапия — сув реабилитацияси хизматлари жорий этилган.

Марказ 60 турга яқин 180 та замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланиб, реабилитация хизматларининг комплекс тизими йўлга қўйилди. Хусусан, Alter-G, лимфадренаж, мембранали гидромассаж, ТМС, ЭЭГ, рентген, ЭКГ, осма релслар, ультратовуш диагностика ҳамда барча турдаги лаборатория текширувлари жорий этилди. Бобат услубида даволаш, мануал терапея, кинезиотерапея, сенсор релаксация, логопед ва психологик хизматлар мавжуд.

Қайд этилишича, бугун реабилитация хизматлари фақат тиббий муолажалар билан чекланиб қолмай, балки тиббий бўлмаган ижтимоий реабилитация йўналишларини ҳам қамраб олмоқда. Яъни, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ўз-ўзига хизмат кўрсатиш қобилиятини тиклаш, ижтимоийлашуви, жамиятга мослашуви ва мустақил ҳаёт кечиришини қўллаб-қувватлашга қаратилган хизматлар комплекс тарзда кўрсатилмоқда.

Шунингдек, аввалги тизимда фуқаролар асосан консерватив муолажалар билан чекланган тиббий муолажаларни олиб кетган бўлса, янги марказ фаолияти доирасида улар комплекс реабилитация хизматларини қабул қилмоқда.

Марказнинг 10 нафарга яқин шифокорлари Корея ва Япония давлатларида малака ошириб қайтган, шунингдек, Корея Республикасидан 2 нафар мутахассис жалб этилган ҳолда марказ ходимлари, тиббиёт бирлашмалари ва тизим муассасалари мутахассислари учун замонавий реабилитация бўйича ўқув машғулотлари ўтказилди.

Ўзбекистон