Тошкент Шимолий вокзалида автомобиль йўлаги ишга туширилди

«Тошкент-Марказий» темир йўл вокзали кириш қисмигача автомобилда бориш имкони яратилди. Бу ҳақда “Ўзбекистон темир йўллари” матбуот хизмати хабар берди.

Қайд қилинишича, эндиликда вокзалга келувчи йўловчилар, уларни олиб келаётган шахсий автомобиллар, таксилар ва бошқа транспорт воситалари тўғридан-тўғри вокзал кириш эшигига қадар ҳаракатланиши ва юк ҳамда йўловчиларни тушириб кетиши мумкин. Бунда қуйидаги тартиб белгиланган:

• 5 дақиқа ичида кириб-чиқиш — бепул;

• 5 дақиқадан 10 дақиқагача — белгиланган тўлов асосида;

• 10 дақиқадан ошган ҳолатларда — жарима қўлланилади.

Жарималар инсон омилисиз, махсус камералар орқали аниқланади ва расмийлаштирилади.

Ҳозирда вокзал олди йўлаги қуриб, синов тарзида ишга туширилган бўлиб, кириш-чиқиш қисмларига шлагбаумлар ва видеокузатув тизимлари ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.

«Ўзбекистон темир йўллари» компанияси маълумотига кўра, шу каби тизим мамлакатдаги бошқа йирик шаҳарлар вокзалларида ҳам босқичма-босқич жорий этилади. Бу борада махсус йўл харитаси ишлаб чиқилган.

Эслатиб ўтамиз, 27 май куни президент Шавкат Мирзиёев вокзалларда аҳолига қулайликлар яратиш бўйича тегишли топшириқлар берган эди.

Тошкент