Тошкентда ўсмир Kia машинасида ЙТҲга учради: 2 киши ҳалок бўлди
ЙТҲ факти бўйича жиноят иши қўзғатилди

Яқинда ижтимоий тармоқларда Тошкентда юз берган йўл-транспорт ҳодисаси акс этган видеолар тарқалди, шаҳар ИИББ содир бўлган ҳодиса юзасидан расмий маълумот берди.
Аввария 30 июнь куни соат тахминан 05:10 ларда Юнусобод туманидаги Амир Темур ва Боғишамол кўчалари чорраҳасида юз берган.
Kia рулида ўсмир йигит бўлиб, у отасининг машина калитларини рухсатсиз олиб, дўстлари билан шаҳар айланишга чиққан. Натижада, Чорраҳада Kia автомобили Lacetti билан тўқнашиб, иккинчи машина икки қисмга бўлиниб кетган.
Вояга етмаган ҳайдовчининг маълум қилишича, у юқори тезликда ҳаракатланиб борган ва чорраҳага Lacetti автомобили чиқиб қолган вақтда машинани тўхтатишга улгурмаган.
Тўқнашув оқибатида Lacetti ичида бўлган икки киши ҳалок бўлди. Яна уч киши, жумладан икки нафар бола оғир жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, одамлар ўлимига сабаб бўлиши) билан жиноят иши қўзғатилган, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.





