Тошкентдаги «Матбуот уйи» инвесторга берилгани рад этилди
Давлат активларини бошқариш агентлиги Тошкент шаҳри Матбуотчилар кўчасидаги 32-уй («Матбуот уйи») инвесторга берилгани, эгалик ҳуқуқи эса Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигидан (ЎзА) олиб қўйилгани тўғрисида тарқалган хабарларни рад этди.
Қайд этилишича, президентнинг тегишли қарори билан «Матбуот уйи» бино ва иншоотлари (Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Матбуотчилар кўчаси, 32-уй) чиндан ҳам ЎзАга оператив бошқарув ҳуқуқи асосида берилган.
Қарорга мувофиқ, ЎзАга тегишли «Матбуот уйи» бино ва иншоотлари ҳамда унга туташ ҳудудда замонавий «Медиа шаҳарча» ташкил этилиши белгиланган.
«Ҳозирги кунда «Матбуот уйи» биносида демонтаж ишлари якунига етиб, қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш учун лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилган. Таъкидлаш жоизки, ҳозирги вақтда «Матбуот уйи» бино ва иншоотларини сотилиши назарда тутилмаган ва ЎзА мазкур бинони ягона балансда сақловчиси ҳисобланади», — дейилади муносабатда.
Шунингдек, «Матбуот уйи» бино ва иншоотлари ҳамда унга туташ ҳудудда қисқа муддатларда замонавий «Медиа шаҳарча» ташкил этилиб, барча даврий босма нашрларнинг таҳририятлари мазкур бинога жойлаштирилади.