«Республикамизда фонд бозоридаги акциянинг жами қиймати 6 фоизга ҳам етмайди» — Танзила Норбоева
17 март куни Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонасида «Барқарор иқтисодий ривожланишни таъминлашда молиявий бозорининг рўли: ҳуқуқий инстуционал тўсиқлар» мавзусида конференция бўлиб ўтди. Бу ҳақда Tez News муҳбири хабар берди.

Фото: xs.uz
Танзила Норбоеванинг таъкидлашича, иқтисодиётда давлат иштирокини янада қисқартириш, фонд бозорини ривожлантириш ва яна кўп жабҳада кўп ишлар амалга оширилган.
«Ўтган икки йилда мамлакатимиз тарихида илк бор суверен халқаро облигациялар халқаро молия бозорларида миллий валюта – сўмда жойлаштирилди. 2021 йил 1 январь ҳолатига кўра жами 599 та акциядорлик жамиятларининг номинал қиймат бўйича умумий миқдори 149,5 триллион сўмлик акциялари чиқарилди», — деди Норбоева.
Шу билан бирга, Молия вазирлиги томонидан 2019-2020 йилларда давлат қимматли қоғозлари бўйича 3,2 триллион сўмга тенг асосий қарз ва 547,1 миллиард сўмлик фоиз тўловлари ўз вақтида тўлаб берилгани ва давлат қимматли қоғозларини жойлаштириш ҳажмини қарийб 10 баробарга оширишга эришилгани қайд этилди.
Бундан ташқари, капитал бозорини ривожлантиришнинг 2021-2025 йилларга мўлжалланган стратегиясининг дастлабки лойиҳаси ишлаб чиқилиб, соҳани янада ривожлантиришни кўзда тутган ҳолда такомиллаштириш чоралари кўрилмоқдалиги айтилди.
Шуни ҳам таъкидлаш керакки, соҳада бир қатор муаммолар ва фойдаланилмаган имкониятлар мавжуд.
«Республикамизда фонд бозоридаги акцияларнинг жами қиймати ЯИМга нисбатан пастлигича қолмоқда. Яъни жами миқдори 6 фоизга ҳам етмайди. Ваҳоланки, бу кўрсаткичлар Сингапурда 188 фоизни, Малайзияда 112 фоизни, Россияда эса 34 фоизни ташкил этмоқда», — дейди Танзила Норбоева.
Шунингдек, ҳуқуқий-меъёрий база, институционал тузилмалар ҳолатининг талаб даражасида эмаслиги, соҳада малакали мутахассислар етишмаслиги, ушбу соҳада атиги 300 нафар ходимлар фаолият юритиши, маҳаллий ва хорижий инвесторларни капитал бозорига жалб қилишнинг сустлиги каби муаммолар санаб ўтилди.





