Наманганда давлат ўрмон хўжалиги мансабдорлари пора билан ушланди
Наманган вилоятининг Поп туманидаги ихтисослаштирилган давлат ўрмон хўжалиги мансабдор шахслари билан боғлиқ ноқонуний ҳолатлар аниқланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Ҳусусан, Жорий йилнинг январь ойи бошида тузилган ишчи гуруҳ томонидан ўрмон хўжалиги ерларидан мақсадли фойдаланиш борасида Поп ихтисослаштирилган давлат ўрмон хўжалигига тегишли ҳудудларда текширув ишлари ўтказилган.
Унга кўра, муассаса мансабдор шахсларининг ўз вазифаларига совуққонлик билан ёндашувлари натижасида – хўжалик ер майдонларини ижарага олган 5 нафар тадбиркор томонидан тегишли ташкилотлар рухсатисиз, ўзбошимчалик билан бино ва иншоотлар қурилиб, ер участкасининг ихтисослашуви ўзгартирилиши оқибатида давлат манфаатларига жиддий зарар етказилган.
Бундан ташқари, 460 нафар ижарачилардан ижара пуллари ундирилмаганлиги оқибатида давлат манфаатларига 1 млрд 480 млн сўм зарар етказилган.
Шунингдек, ўрмон хўжалиги мансабдорлари айрим ижарачилар билан тил келишиб, 2023-2025 йиллар давомида жами 5356 метр/куб норуда материалларни ноқонуний қазиб олиб, давлатга 1 млрд 322 млн сўмлик зарар етказишган.
Аниқланган ҳолатлар юзасидан Поп ихтисослаштирилган давлат ўрмон хўжалиги мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Жиноят Кодексининг 193, 196-1, 207 ва 229-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, Поп ихтисослаштирилган давлат ўрмон хўжалигининг бўлим ўрмонбегиси муқаддам хўжалик балансида бўлган ва кейинчалик туман ҳокимлиги захирасига қайтарилган ерлардан 20 сотих қисмини танишлари орқали, Чуст туманида яшовчи, фуқарога турар-жой сифатида расмийлаштириб бериш эвазига 15 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланади.
Сўнгра тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу пул маблағидан 500 АҚШ долларини олган вақтида Давлат кадастрлар палатасининг Поп туман филиали мутахассиси ушланди. Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, Поп ихтисослаштирилган давлат ўрмон хўжалиги директори вазифасини вақтинча бажарувчи шахс хизмат мавқеидан фойдаланиб, ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали ижарага бериш тартибини бузган ҳолда, маҳаллий тадбиркорга хўжалик балансидаги 50 сотих ер майдонини шартнома асосида ижарага бериш эвазига 10 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 5 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланади.
Ҳозирда унга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.





