Президент Осиё тараққиёт банкининг йиғилишида ҳамкорликнинг асосий йўналишларини белгилаб берди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 4 май куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтаётган Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгаши 59-йиллик йиғилишининг очилиш маросимида иштирок этди.

«Тараққиёт чорраҳалари: минтақанинг ўзаро боғлиқ келажагини илгари суриш» шиори остида ўтказилаётган форумда 100 дан ортиқ мамлакатдан 4 мингдан зиёд экспертлар, шунингдек, хорижий ҳукуматлар, халқаро молия ташкилотлари, етакчи банклар ва компаниялар вакиллари иштирок этмоқда.
Кун тартибидан рақамли ва «яшил» трансформация, иқлим барқарорлиги, ишлаб чиқариш таъминоти занжирларини ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва бошқа масалалар ўрин олган.
Ўзбекистон етакчиси мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижаларига батафсил тўхталиб ўтди. Сўнгги йилларда иқтисодиётимизга 150 миллиард доллар хорижий инвестиция киритилиб, минглаб замонавий корхоналар ишга туширилди. Бу даврда товар ва хизматлар экспорти 3 карра ўсди, миллий иқтисодиёт ҳажми эса 50 миллиарддан 147 миллиард долларга етди.

Энг муҳими, ислоҳотларимизда ҳар бир оила, ҳар бир инсоннинг кундалик ҳаётини яхшилашга асосий эътиборни қаратдик. Биз ўтган даврда 8,5 миллион эҳтиёжманд аҳоли даромадини ошириб, камбағаллик даражасини қарийб 35 фоиздан бугунги кунда 5,8 фоизга туширишга эришдик, – деди президент.
Хусусан, президент амалга оширилаётган улкан ислоҳотларда Осиё тараққиёт банки ва бошқа халқаро молия ташкилотларининг ўрнини алоҳида эътироф этди. ОТБ билан амалга оширилган ва жорий қўшма лойиҳалар портфели қарийб 16 миллиард долларга етди.
Осиё тараққиёт банки шафелигида Ривожланаётган мамлакатларда сунъий интеллект кўламини ошириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиш таклиф этилди. Ўзбекистон банкнинг «Осиё учун рақамли магистраль» ташаббусига қўшилишга тайёрлигини маълум қилиб, Тошкентда унинг минтақавий мувофиқлаштириш марказини очиш таклифини илгари сурди.
«Яшил» энергетикани ривожлантириш устувор йўналиш сифатида белгиланди. Дунёнинг етакчи компаниялари билан ҳамкорликда 5 минг 600 мегаваттли қувватлар ишга туширилди, 2030 йилга бориб эса генерацияда қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 54% етказиш режалаштирилмоқда.

Ўзбекистон етакчиси юқори қўшилган қийматга эга бўлган лойиҳаларни илгари суриш учун Осиё тараққиёт банкининг «Критик минералдан – ишлаб чиқаришга» дастурига қўшилиш муҳимлигини таъкидлади.
Шу билан бирга, иқлим ўзгаришига қарши курашиш муҳим вазифа сифатида белгиланди. Орол денгизининг қуриган тубида ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш бўйича миллий саъй-ҳаракатларга қўшимча равишда «Марказий Осиё яшил белбоғи» минтақавий лойиҳасини амалга ошириш таклиф этилди.
Минтақавий ҳамкорлик доирасида «Марказий Осиё туризм ҳалқаси»ни яратиш ташаббуси илгари сурилди. Лойиҳа минтақадаги ноёб маданий, зиёрат, гастрономик, этнографик ва бошқа объектларни сайёҳлар учун ягона маконга бирлаштиришга қаратилди.
Билдирилган барча таклиф ва ташаббусларни тизимли илгари суриш учун ОТБнинг лойиҳаларни молиялаштириш бўйича кенг имкониятларини, жумладан, хусусий капитални сафарбар қилиш орқали тўлиқ ишга солиш зарурлиги таъкидланди. Шу муносабат билан минтақавий лойиҳалар учун Инновацион молиялаштириш платформасини шакллантириш таклиф этилди.
Якунда Президент Самарқанд платформасида илгари суриладиган муҳим таклиф ва ташаббуслар келгусида катта амалий натижаларга, ҳар бир келишув эса аниқ ва фойдали лойиҳаларга айланишига ишонч билдирди.





