Назарбоевлар оиласини жиноий жавобгарликка тортиб бўлмаслиги маълум қилинди
Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг оиласини жиноий жавобгарликка тортиб бўлмаслиги, аммо терговга жалб қилиш мумкинлиги маълум қилинди.
Вазирнинг сўзларига кўра, биринчи президент тўғрисидаги қонун Элбоши ва унинг оиласини жиноий жавобгарликдан ҳимоя қилади, аммо терговдан ҳимояламайди.
«Қонун терговдан эмас, жиноий жазодан ҳимоя қилади. Ҳеч ким терговдан ҳимояланмайди. Мен қонунда ёзилганидек гапиряпман», — дейди Мусин журналистларнинг саволларига жавоб берар экан.
Адлия вазирлиги раҳбарининг сўзларига кўра, Қозоғистонда парламент, президент ва ҳукумат қонунчилик ташаббусига эга ҳисобланади ва фақат улар биринчи президент тўғрисидаги қонунни бекор қилиш таклифи билан чиқиши мумкин.
«Аммо ушбу қонунни бекор қилиш масаласи ҳам ҳуқуқий, ҳам маънавий жиҳатдан мураккаб. Қандайдир қонунни қабул қилиш зарурати ҳар доим жамиятнинг аҳволидан келиб чиқади. Қонун фақат уни қабул қилган парламент томонидан бекор қилиниши мумкин. Яъни парламент бундай қонунни ўз кучини йўқотиши тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин», — дейди вазир.
Маълум қилинишича, биринчи президент тўғрисидаги қонунда у нафақат жиноий жавобгарликка тортилиши, балки «ушланиши, ҳибсга олиниши, тинтув ёки сўроқ қилиниши» мумкин эмаслиги айтилган.
Дахлсизлик Элбоши ва у билан бирга яшайдиган оила аъзоларига тегишли бўлган барча мол-мулкка, шунингдек, улар фойдаланаётган турар жой ва хизмат хоналарига, хизмат транспортига, алоқа воситаларига, ёзишмаларга, уларга тегишли ҳужжатларга татбиқ этилади. Дахлсизлик у томонидан ташкил этилган барча юридик шахсларга тегишли бўлган мулкка ҳам тегишлидир.