АҚШда Ердаги барча одамларни кузатувчи тизим ишлаб чиқилди
АҚШнинг Clearview АI компанияси одамларнинг 100 миллиард фотосуратини сақлайдиган энг катта маълумотлар базаси яратиш лойиҳасини амалга ошириш учун инвесторлар қидираётгани эълон қилинди.
Маълум қилинишича, бу Ердаги деярли ҳар қандай одамнинг юзини аниқлаш учун етарли ҳисобланади. Компания барча суратларни йил давомида очиқ манбалардан тўплашни режалаштирган. Ҳозиргача 10 миллиардга яқин расм тўплаган ва ҳар ой 1,5 миллиард сурат қўшилмоқда.
Таъкидланишича, Clearview ижтимоий тармоқлар ва бошқа веб-манбалардаги одамлар суратини уларни ёки сайтни хабардор қилмасдан олади. Меtа, Google, Twitter ва YouTube аллақачон сурат йиғишни тўхтатишни талаб қилган, бироқ компания бундай ҳуқуқ АҚШ Конституциясига киритилган биринчи тузатиш билан ҳимояланганини айтиб, талабни бажаришдан бош тортган.
Келгусида компания шахсий маълумот юришни идентификациялаш орқали олиш, инсон жойлашувини фотосурат ва бармоқ изини масофадан сканерлаш орқали аниқлаш каби технологияларни ўрганиш орқали ўз бизнес моделини кенгайтирмоқчи.
Clearview компанияси маълумотларни, масалан, Google билан бир хил тарзда тўплашини ва унинг материаллари жиноятнинг олдини олиш ва назорат қилиш, хусусан, жиноятчиларни қидириш учун ишлатилишини айтган. Ҳозирча компания нодавлат нотижорат ташкилотлар ва компанияларга хизмат кўрсатиш борасида бир қарорга келмаган. Унинг маълумотлари билан ҳозирча давлат идоралари ва уларнинг ходимлари танишиб чиқиши мумкин. Технология ҳаётни сақлаб қолиши, бегуноҳларни ноҳақ айбловлардан ҳимоя қилиши ва нотўғри идентификациянинг олдини олиши айтилмоқда.
Қайд этилишича, полиция аллақачон АҚШда содир бўлган сўнгги тартибсизликлар чоғида зўравонлик билан жиноят содир этган ёки ўзгаларнинг мулкига эгалик қилишда гумонланганларни қидириш ва ҳибсга олишда Clearview базасидан фойдаланган.