Ўзбекистон банклари рубль сотиб олиш ва сотиш амалиётини жорий қилди
Марказий банк Ўзбекистон банклари рубль сотиб олиш ва сотиш амалиётини жорий қилгани юзасидан маълумот берди.
Таъкидланишича, Россия рубли айирбошлаш курси кескин тебранаётган ҳамда биржа ва биржадан ташқари курслар ўртасида сезиларли тафовутлар юзага келаётган пайтда Россиядаги ўзбекистонликларнинг ўз маблағларини эркин валютага алмаштириш жараёнида йўқотишларга олиб келмоқда.
Юқоридагиларни инобатга олиб, Марказий банк томонидан:
- барча тижорат банкларига Россия рублидаги пул ўтказмалари бўйича айирбошлаш операцияларини узлуксиз амалга ошириш ҳамда валюта курсини белгилашда сотиб олиш ва сотиш курслари ўртасидаги фарқни мақбул даражада сақлаб туриш;
- банкларнинг валюта хавф-хатарларини минималлаштириш мақсадида Россия рублини сотиш ва сотиб олиш курсларини жорий халқаро котировкаларга асосан кун давомида ўзгартириб бориш юзасидан тавсиялар берилди.
Бу Россиядаги Ўзбекистон фуқароларига пул маблағларини рублда юбориш ва республика ҳудудида ушбу маблағларни ихтиёрий валютада қабул қилиб олиш имконини беради. Марказий банк мавжуд вазиятни доимий кузатиб бормоқда ва зарур ҳолларда аҳоли манфаатларини ҳамда миллий валюта ва банк тизими барқарорлигини таъминлаш бўйича қўшимча чоралар кўриб боради.
Маълумот ўрнида, иқтисодчи Отабек Бакиров 3 мартдан барча ўзбек банклари рубль сотиб олиш ва сотиш амалиёти жорий қилинишини ёзиб қолдирганди.
«Ўзбек банкларига рубль юкламаси. Тижорат банклари айирбошлаш шохобчалари рубль сотиб олиши ва сотиши шарт. Рубль сотиб олиш ва сотиш курслари шартли маъмурий коридор доирасида амалга оширилади. Кросс-курс бўйича белгиланаётган рубль курси бозор реаллигини белгиламаслиги ва рубль юзасидан риск ҳаддан юқорилиги инобатга олинган ҳолда кенгайтирилган коридорга рухсат этилиши борасида маълумот берилмаган», — деган у ўз постида.