Ўзбекистонликлар учун Умра нархи оширилиши мумкин
Ўзбекистонликлар учун Умра нархи оширилиши мумкинлиги маълум қилинди.
Таъкидланишича, сўнгги йилларда барча соҳалар қатори, диний-маърифий жабҳада, хусусан, ҳаж ва умра тадбирларини ташкил этиш борасида катта ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, давлат раҳбарининг ташаббуси ҳамда Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан кўрилган чора-тадбирлар натижасида республика ҳудудларида умра навбатларининг сезиларли даражада камайишига эришилган.
«Қувонарли жиҳати, пандемия сабабли тўхтаб қолган Умра зиёрати, узоқ муддатли танаффусдан сўнг, катта қувонч билан яна қайта йўлга қўйилди. 2022 йилнинг 22 январь куни зиёратчиларнинг дастлабки гуруҳлари Саудия Арабистонига жўнатилди», дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, ҳозирги кунда «Умра-2020» мавсумида сафар харажатларини тўлиқ амалга оширган, лекин пандемия сабабли зиёратга бора олмаган фуқароларимиз Умра зиёратига юборилмоқда. Шу йилнинг 17 март ҳолатига 21 мингдан ортиқ зиёратчи, Саудия Арабистонига жўнатилиб, улардан 16 минг нафардан зиёдроғи умра амалларини тўлиқ адо этиб, Ўзбекистонга қайтиб келди. Ҳозирда 5 минг 600 нафарга яқин зиёратчи Саудия Арабистонида Умра зиёратларини амалга оширмоқда.
Маълумки, ҳозирги кунда Саудия Арабистонида пандемия билан боғлиқ ўрнатилган карантин талаблари аста-секин юмшатилмоқда. Хусусан, 2022 йил 5 март кунидан эътиборан, додшоҳликка ПЗР тест жавобисиз кириш ҳамда оралиқ масофани сақлаш тартиби бекор қилинди. Яна бир қувонарли жиҳати — эндиликда Саудиядан Ўзбекистонга келаётган зиёратчиларимиздан ҳам ПЗР тести талаб этилмайдиган бўлди.
Шунингдек, Саудия Арабистони ҳукумати томонидан барча давлатлар, хусусан, Туркия, Малайзия, Индонезия, Эрон ва Миср каби йирик мусулмон мамлакатларига Умра зиёратини ташкил этишга рухсат берилди.
«Бу, ўз навбатида, ҳозирги кунда Саудия Арабистонида меҳмонхона ва бошқа турдаги сервисларга талаб ошишига, хусусан, Рамазон ойида ташкил этиладиган Умра тадбирларининг нарх-навосига ҳам таъсир кўрсатишига сабаб бўлади», дейилади хабарда.