Ўзбекистонда ЙПХ ходимлари тасвирини рухсатсиз тарқатиш тақиқланиши мумкин

Ўзбекистонда йўл-патруль хизмати ходимларининг тасвирини унинг рухсатисиз тарқатиш тақиқланиши мумкин. Бу бўйича «Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисидаги низомга қўшимча киритиш тўғрисида»ги лойиҳа Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди.

Президентнинг «Ички ишлар органлари ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2022 йил 8 февралдаги қарорига мувофиқ:

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрдаги 975-сонли қарори билан тасдиқланган Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисидаги низомнинг 19-банди олтинчи хатбошиси тўлдирилади. Унга кўра, ЙПХ ходимининг ўз хизмат вазифаларини бажариши билан боғлиқ ҳолатда олинган фото ва видео тасвирларини унинг рухсатисиз интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштирмаслик белгиланади.

Маълумот учун, лойиҳа муҳокамага 14 март куни чиқарилган ва 29 март куни якунланади.

Янгиликлар