«Ўзбек халқи СССР бошқаруви томонидан камситилган, таҳқирланган» — Алишер Қодиров
Куни кеча, суд СССРни тиклаш тарафдори бўлган Самарқанд вилоятида яшовчи 74 ёшли фуқарога, 3 йилгача озодликни чеклаш жазосини тайинлаган эди.
Шундан сўнг, «Миллий тикланиш» партияси етакчиси Алишер Қодиров суд қарорига муносабат билдирди ва уни қўллаб-қувватлади.
Ўзбек халқи СССР бошқаруви томонидан камситилган, таҳқирланган ва ҳанузгача ўша даврнинг оғир жароҳатларини даволамоқда. Миллатлар, қадриятлар ва эътиқодни рад этган совет мафкураси нафақат ўзбек халқи, бутун инсоният бошига бало бўлиб келди ва қолдиқлари ҳозиргача бало бўлмоқда, — деб сўзлади Қодиров.
Қодировнинг сўзларига кўра, Ўзбекистондаги совет мафкураси, даври ва рамзлари ташвиқотини қонуний равишда тақиқлаш керак.
Қонунчилигимизда совет мафкураси, даври ва рамзларини тарғиб қилиш тақиқланиши лозим. Албатта, тарихимизнинг бу аянчли даври таҳлил ва муҳокама қилиниши керак, лекин уни маъқуллаш ёки тарғиб қилиш нафақат Конституцион тузумга жиноят, балки халқимизга ва қонли тузум қурбонларига айланган аждодларимизга хиёнат сифатида баҳоланиши зарур, — деб таъкидлади «Миллий тикланиш» партияси етакчиси.