Тошкентда тўхташ ва тўхтаб туриш қоидабузарликларига қарши чоралар кучайтирилади
Тўхтаб туришни тақиқловчи белгилар ўрнатилган жойларда автомобилларни қолдириш ҳолатлари мунтазам қайд этилаётгани юзасидан.

Пойтахт ҳокимлигининг хабар беришича, бу соҳада бир нечта йўналишда ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, пиёдалар учун мўлжалланган жойларни бўшатиш, бекатларни тартибга солиш, ҳаракат хавфсизлигини ошириш, жамоат транспортни ривожлантириш ва шаҳар муҳити сифатини яхшилаш ишлари бошланган.
Бу ишларнинг кейинги босқичи тўхташ ва тўхтаб туриш қоидаларининг бузилишига нисбатан қатъийроқ чора кўриш амалиётини жорий этишдан иборат бўлади, — дейилади хабарда.
Маълум қилинишича, пойтахтнинг турли туманларида автомобилларнинг пиёдалар йўлакларида, ўтиш жойлари яқинида, бекатларда, яшил ҳудудларда, шунингдек, тўхташ ёки тўхтаб туришни тақиқловчи белгилар ўрнатилган жойларда қолдирилиши ҳолатлари мунтазам қайд этилмоқда.
Бундай қоидабузарликлар одамларнинг хавфсиз ва эркин ҳаракатланишига, жамоат транспорти, махсус техника ва бошқа йўл ҳаракати қатнашчиларининг қатновига тўсқинлик қилиши билдирилди.
Айниқса, бундай вазиятлар кексалар, болалар аравачасидаги ота-оналар, ногиронлиги бўлган шахслар ва болалар учун қийинчилик туғдиради.
Шу муносабат билан, шаҳарда бундай қоидабузарликларга нисбатан янада қатъий чоралар кўриш амалиётига ўтилмоқда.
Тўхташ ва тўхтаб туриш қоидаларини бузган ҳолда қолдирилган автомобиллар белгиланган тартибда эвакуация қилиниб, махсус жарима майдончаларига жойлаштирилади.





