Самарқандда ўз қариндошини ўлдириш учун қотил ёллаган шахс ушланди

Самарқанд вилоятида ёлланма қотил орқали танишини ўлдиришни режалаштираётган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, гумонланувчи Тошкентда истиқомат қилувчи шахсни ўлдириш учун ёлланма қотил топишга уринган. Тезкор-қидирув тадбирлари жараёнида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан сохта киллер ишга жалб қилинган. Фуқаро унга 2,2 минг АҚШ доллари тўлашни ваъда қилган.

Шундан сўнг, 27-январ куни сохта қотил фуқарога гримланган мурда суратини юборади ва гумондор мукофотни топшираётган пайтда қўлга олинади.

Қўшимча текширувлар давомида маълум бўлишича, уни ёлланма қотил қидириш бўйича топшириқни ўзи ишлаб келган корхона раҳбари берган. У Тошкент шаҳрида яшовчи қариндошини ўлдиришни буюртма қилган. Бунга ўртасидаги низолар ва катта миқдордаги қарздорлик сабаб бўлган. Натижада, ушбу фуқаро ҳам қўлга олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 25-моддаси орқали 97-моддаси 2 қисми (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ишлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон