Сурияда дронлар ҳужуми оқибатида 100 дан ортиқ киши ҳалок бўлди

5 октябр, пайшанба куни Сурия ғарбидаги Ҳомс шаҳрида ҳарбий коллежга учувчисиз учоқлар ҳужуми оқибатида 112 киши ҳалок бўлди.

Таъкидланишича, улар орасида 21 нафар тинч аҳоли вакиллари ҳам бор. Яна камида 120 киши жароҳат олган.

Сурия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг дастлабки расмий маълумотларига кўра, камида 80 киши, жумладан, олти аёл ва олти бола ҳалок бўлган, 240 га яқин киши жароҳатланган. Дронлар ҳужуми ҳарбий хизматчилар ва уларнинг яқинлари иштирок этган битирув маросимида содир бўлган. Reuters хабарига кўра, Сурия мудофаа вазири Али Маҳмуд Аббос маросимда иштирок этган, бироқ у ҳужумдан бироз олдин тадбирни тарк этган.

Сурия расмийлари ҳужумда террорчи гуруҳларни айбламоқда

Сурия ҳукумати мамлакатда уч кунлик мотам эълон қилди. Улар ҳужум учун жавобгарликни «қуролланган террорчи гуруҳлар» зиммасига юклаган ва «барча куч билан жавоб қайтаришга» ваъда берган. Ҳозирча ҳеч бир гуруҳ ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олмади. Шу билан бирга, Идлиб вилояти аҳолиси Сурия армияси, эҳтимол, учувчисиз учоқлар зарбасига жавобан, оммавий бомбардимон қилгани ҳақида хабар бермоқда. SOHR маълумотларига кўра, саккиз киши ҳалок бўлган, яна 30 га яқин фуқаро жароҳатланган.

Бу вилоятнинг бир қисми «Ал-Қоида» билан алоқадор гуруҳ томонидан назорат қилинади. AFP эслатишича, ушбу гуруҳ ўтмишда Сурия ҳукумати назорати остидаги ҳудудларга ҳужум қилиш учун дронлардан фойдаланган.

Янгиликлар