Тошкент вилоятида «қизил» тоифадаги маҳаллаларда қуёш электр станциялари қурилади
Тошкент вилоятининг «оғир» ва «қизил» тоифадаги ҳудудларида кичик қуёш фотоэлектр станциялари қурилиши бошланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимининг тегишли қарорида маълум қилинди.
Умумий ҳисобда 300 та маҳаллада қайта тикланувчи энергия манбаларига асосланган станциялар барпо этилади.
Дастлабки босқичда Оққўрғон туманидаги «Ёшлик», «Зарбдор» ва «Эртамғали» маҳаллаларида 180-500 кВт қувватли станциялар қурилиши режалаштирилган эди. Эндиликда лойиҳа Бўстонлиқ, Қуйи Чирчиқ, Оҳангарон ва Пискент туманларидаги 16 та чекка маҳаллани ҳам қамраб олади.
Лойиҳа доирасида жами 10 435 та хонадон электр энергияси билан таъминланади. Шунингдек, 751 та кам таъминланган оилани иш билан таъминлаш ҳам кўзда тутилган.
Станцияларни қуриш ишлари Энергетика вазирлиги ҳузуридаги «Яшил энергия» МЧЖ томонидан амалга оширилади. Фотоэлектр станциялар бепул ўрнатилади, умумий қуввати эса 4 650 кВтни ташкил этади.