«Ўзавтосаноат» АЖ: 2023 йилнинг I ярми якунлари
Бугун «Ўзавтосаноат» АЖ олдида компания фаолияти самарадорлигини юқорига кўтариш, енгил автомобиллар ва тижорат техникаларини ишлаб чиқариш соҳасида ишончли маҳсулотлар ҳамда хизмат турларини яратиш, рентабелликни ошириш, шунингдек, ишлаб чиқариш соҳасида кадрлар салоҳиятини юксалтириш каби муҳим вазифалар турибди.
Бугунги кунда «Ўзавтосаноат» АЖ 60га яқин корхоналарни ўзида жамлаган, шунингдек, 30 минг нафар ходим фаолият юритувчи Ўзбекистондаги энг йирик компаниялардан бири ҳисобланади.
Асосий кўрсаткичлар
Биринчи ярим йилликда «Ўзавтосаноат» АЖ тизимида янги лойиҳаларнинг амалга оширилиши ҳисобига 3 000 та янги ишчи ўрни яратилди. Ишлаб чиқариш ҳажмининг оширилиши енгил автомобиллар бўйича қарздорликни 2 баробарга қисқартириш имконини берган бўлса, давлат бюджетига тўланадиган солиқ тўловлари миқдори 3,4 триллион сўмга етказилди.
Экспорт ҳажмининг оширилиши мамлакатга валюта тушумини келтирувчи асосий омил эканлигини англаган ҳолда, «Ўзавтосаноат» тизим корхоналари томонидан 307,3 миллион доллар миқдоридаги юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар экспорт қилинди, бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 40%га ошганини англатади. Қолаверса, 2023-йилнинг биринчи ярмида импортни қисқартириш дастурининг амалга оширилиши натижасида импорт 71,7 миллион долларга қисқарди.