Ўзбекистонда иш жойида шаҳвоний шилқимликка йўл қўймаслик қонун билан мустаҳкамланади
Меҳнат кодексида меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситиш белгилари қатори «терисининг ранги» ва «сиёсий қарашлар» тушунчалари билан тўлдирилмоқда

Қонунчилик палатаси депутатлари Сенатнинг «Халқаро меҳнат стандартларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш муносабати билан Меҳнат кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги таклифини кўриб чиқдилар, дея хабар бермоқда парламент қуйи палатаси матбуот хизмати.
Қонунчилик таклифи Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган Халқаро меҳнат ташкилотининг 111-сонли Конвенцияси нормаларини миллий қонунчиликка изчил жорий этишга хизмат қилади. Унга кўра, Меҳнат кодексида меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситиш белгилари қатори «терисининг ранги» ва «сиёсий қарашлар» тушунчалари билан тўлдирилмоқда.
Шунингдек, қонунчилик таклифида меҳнат муносабатларида инсон шаъни ва қадр-қимматини таъминлаш, иш жойларида шаҳвоний шилқимликнинг олдини олишга қаратилган ҳуқуқий механизмларни жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Хусусан, Меҳнат кодексини меҳнат ва машғулотлар соҳасида шаҳвоний шилқимликка йўл қўймасликка оид янги норма билан тўлдириш таклиф этилмоқда.
Қонунчилик таклифининг қабул қилиниши фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини янада ишончли ҳимоя қилиш, халқаро меҳнат стандартларига содиқликни амалда намоён этиш, мамлакатнинг халқаро майдондаги ижобий имижини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши билдирилди.
Муҳокамалардан сўнг мазкур масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.





