Паркентда сув цистернаси ёрилиши оқибатида бир нечта уй вайрон бўлди (фото)
Тошкент вилояти Паркент туманидаги сув цистернаси ёрилиши оқибатида бир нечта уй вайрон бўлди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳодиса 20 октябрь, сешанба куни эрталаб соат 04:30 да Тошкент вилояти Паркент тумани ҳудудидаги ҳовлилардан бирида содир бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, ушбу цистернада сиғими 2000 кубометр сув бўлган. Ҳодиса оқибатида ҳолат юз берган жой яқинида жойлашган 8 та дала ҳовлига қисман зарар етган.
Ҳодиса оқибатида ҳудуд сув таъминот тизимидан узилиб қолган. Техноген фалокат шунингдек, электр тизимида ҳам узилишлар содир бўлишига сабаб бўлган.
Юзага келган вазиятда жабрланган ва вафот этганлар аниқланмаган. Айни дақиқаларда Тошкент вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг ёнғин-қутқарув гуруҳлари воқеа жойида хонадонлардан сув тортиш ишларини олиб бораётгани маълум қилинди.
Аввалроқ Сирдарёдаги Сардоба сув омборидан сув ўпирилиб чиққани сабаб бир қатор аҳоли пунктлари эвакуация қилинганди. Маълумотларга кўра Сардоба тошқини сабаб сув омбори атрофидаги маҳаллалардан 11,5 минг аҳоли эвакуация қилинган.