Самарқандда туман судьяси пора билан ушланди

Самарқанд вилояти Фуқаролик ишлари бўйича Пастдарғом туман судининг судьяси пора олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Аниқланишича, мазкур туман судининг 2022 йилдаги ҳал қилув қарорига асосан, 1989 й.т. аёлнинг 2022 й.т. фарзанди вояга етгунига қадар жавобгар ҳисобланган – 1983 й.т. фуқародан алимент ундириш белгиланган.

Аммо, жавобгар томон ушбу қарорни янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриб чиқиш тўғрисида ФИБ Пастдарғом туман судига ариза билан мурожаат қилган.

Судья эса ўз иш юритувига келиб тушган ушбу аризага асосан, жорий йилнинг 27 февраль куни суднинг 2022 йилдаги ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни мазмунан қайта кўришни 11 март кунига тайинлаган.

Шунингдек, у ишни даъвогарнинг фойдасига ижобий ҳал этиб бериш эвазига ундан 300 АҚШ доллари талаб қилган.

Ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан судьяга нисбатан Жиноят Кодексининг 210-моддаси 2-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон