Шахматчи Жавоҳир Синдаровга «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи» унвони берилди

Президент Шавкат Мирзиёев шахматчи Жавоҳир Синдаровга «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи» фахрий унвонини берди, деб хабар қилди президент матбуот хизмати.

Жаҳон миқёсида ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, юқори натижага эришгани, Янги Ўзбекистоннинг обрў-эътиборини дунёга тараннум қилиш, ёшларимизни она юртга муҳаббат, миллий ғурур ва ифтихор туйғулари руҳида тарбиялаш борасидаги алоҳида хизматлари учун шахмат бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Синдаров Жавоҳир Санжарбековичга «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи» фахрий унвони берилди, — деб таъкидланди.

Шунингдек, шахмат бўйича Жаҳон кубоги соҳиби бўлган шахматчи президент совғаси: 3 хонали хонадон, унинг мураббийлари эса пул мукофотлари билан тақдирланиши белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, 19 ёшли Синдаров шахмат бўйича Жаҳон кубоги финалида хитойлик Вей И устидан ғалаба қозониб, тарихдаги турнирнинг энг ёш ғолибига айланганди.

AI News