Афғонистондаги миллионлаб болаларнинг ҳаёти хавф остида экани маълум қилинди
АҚШнинг «Save the Children» ташкилоти афғон болаларига таъсир кўрсатаётган гуманитар инқироздан хавотир билдириб, совуқ ҳаво бу муаммони кучайтираётганини маълум қилди.
Маълум қилинишича, миллионлаб болалар очлик, мактабда таълим олмаслик, уй-жой етишмовчилиги ва совуқ ҳаво таҳдидига дуч келмоқда. Ташкилот уларга шошилинч инсонпарварлик ёрдами кўрсатилиши кераклигини қайд этган.
«Айни пайтда оилалар озиқ-овқат таъминотидан қийналмоқда. Беш миллионга яқин болалар очарчилик ёқасида турибди, шунинг учун халқаро ҳамжамият Афғонистонни қўллаб-қувватлашда давом этиши жуда муҳим», — дейди «Save the Children» ташкилоти ходими Кристиана Мартон.
Таъкидланишича, 11 ёшли Аҳмад Ҳусайн ўзининг 11 аъзодан иборат оиласини озиқ-овқат билан таъминлаш учун мактабни тарк этишга мажбур бўлган. «Мен мактабда эдим, лекин отам ишдан айрилганидан кейин ўқишдан кетдим. Ҳар куни 50–60 афғоний пул топаман. Оиламга нон сотиб олишда ёрдам бўлиши учун оёқ кийимларни тозалайман», — дейди Аҳмад.
Меҳнат ва ижтимоий ишлар вазирлиги хулосаларига кўра, 10 дан ортиқ маҳаллий ташкилот халқаро агентликлар ҳамкорлигида афғон болаларини қўллаб-қувватлаш бўйича иш олиб бормоқда. Афғонистонга халқаро ёрдам тўхтатилганидан кейин афғон ташкилотлари фаолиятига тўсқинлик қилинган. «Болалар ҳар доимгидан кўра кўпроқ хавф остида», — дейди аёллар ва болалар тадқиқот ташкилоти раҳбари Зарқа Яфтали.
Айни пайтда Ислом Амирлиги афғон болалари ҳаётига ижобий ўзгаришлар киритишга ҳаракат қилинаётганини билдирмоқда. «Биз ишлайдиган болаларни йиғиб, уларга ўқиш имкониятини топамиз ва ҳукумат уларнинг оиласига молиявий ёрдам беради, бу ҳукуматнинг болалар учун амалга оширадиган келажак режасининг бир қисмидир», — дейди «Толибон» расмийси Самангоний.