Самарқандда фирибгарликда айбланган ЙҲХБ собиқ ходимига суд ҳукми ўқилди
Ҳуқуқ-тартибот органи ходими фуқароларнинг автомобилларини қисқа муддатда ҳисоб-китоб қилишга ваъда бериб олган

Самарқанд вилоятида фирибгарликда айбланган ЙҲХБ собиқ ходимига суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.
Судланувчи фуқаролардан қисқа муддатда пулларни тўлаб беришни ваъда қилиб, автомобилларини олган. ЙҲХБ собиқ ходими хизмат машинасини кўрсатиб, пулларни қайтариш кафолати сифатида ўз гувоҳномасини қолдирган.
Фуқаролар судланувчини ҳуқуқ-тартибот органи вакили сифатида қабул қилганликлари сабабли унга ишонч билдиришган.
Жиноят иши бўйича жабрланувчилар кўплиги сабабли у бир нечта қисмга ажратилган. Суд 10 нафар жабрланувчига оид 26 та эпизодни кўриб чиқди. Фуқароларга етказилган зарар миқдори қарийб 6 миллиард сўмни ташкил этди.
Судланувчи фирибгарлик схемасида ягона иштирокчи бўлмаганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, у бошқа бир аёл орқали ҳаракат қилган. Эркак гўёки машиналарни топширишда иштирок этган ва битимларда воситачилик қилган.
Жиноят ишлари бўйича Ургут туман суди уни Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (фирибгарлик) билан айбли деб топди ва 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.





