Афғонистондан юк машинасида яширинча олиб келинган қарийб 600 кг наркотик модда фош бўлди
Гиёҳвандлик воситалари юк автомашинасига яширинча олиб кирилган.

Узбекситонда қўшни давлатдан олиб келинган катта миқдордаги наркотик моддалар тўхтатиб қолинди, деб хабар беради Давлат хавфсизлик хизмати.
Хусусан, Афғонистон Республикасидан Сурхондарё вилоятидаги «Термиз-авто» чегара божхона постига кириб келган Афғонистон фуқароси бошқарувидаги Mersedes русумли юк автомашинаси ўрнатилган тартибда текширувдан ўтказилади.
Натижада автомашина тиркамасида олиб келинаётган Doosan русумли экскаватор инспекцион кўрик мажмуаси орқали сканер қилинганида, унинг кўтаргич қисми ичида конструкцияда кўрсатилмаган шубҳали предметлар борлиги кузатилади.
Шундан сўнг, экскаватор туйнуклари эндоскоп махсус техник воситаси орқали кўздан кечирилганда, унинг кўтаргич қисмига 593 кг «гашиш» ва 3 кг «опий» гиёҳвандлик воситалари яширилганлиги аниқланди.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят Кодексининг 246 ва 273-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, ушбу наркотик моддалар эгаларини қўлга олиш чоралари кўрилмоқда.





