Тошкент вилоятида электр таъминоти вақтинчалик чекланди
Тошкент вилоятида юклама ортиши сабабли айрим ҳудудларда электр таъминоти вақтинча чеклаб қўйилди. Бу ҳақда «Ўзбекистон Миллий электр тармоқлари» компанияси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Тошкент иссиқлик электр станциясини «Келес» (Тошкент шаҳри) ва «Феруз» (Сирдарё вилояти) подстанциялари билан боғловчи 220 кВ кучланишли тармоқларда юклама белгиланган чегарадан ошиб кетган. Натижада 27 МВт қувватдаги истеъмолчилар тармоқдан узилган.
Компанияга кўра, бу чора тизимдаги стандарт қувватни сақлаш ва йирик аварияларни олдини олиш мақсадида амалга оширилмоқда. «Озодлик» ва «Қўйлиқ» подстанцияларида ҳам юклама ортиши қайд этилган.
Шунингдек, компания дрон-тепловизорлар ёрдамида 220 кВли тармоқларни текшираётганини, аниқланган камчиликлар бартараф этилганини билдирди.